Мактабгача таълим хизматларини кўрсатишда тенг имкониятларни яратиш бўйича белгиланган устувор вазифалар, амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан
М А Ъ Л У М О Т
I. 2017-2023 йилларда амалга оширилган ишлар:
Ўтган давр мобайнида мактабгача таълим тизими тубдан ислоҳ қилиш ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш ва болаларни мактабгача таълим билан янада кенгроқ қамраб олинишини таъминлаш йўналишида қатор ижобий натижаларга эришилди.
Жумладан, 2017 йилда мактабгача таълим ташкилотлари сони
5 211 тани ташкил этган бўлса, соҳага нодавлат секторни кенг жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда мамлакатда илк маротаба давлат-хусусий шериклик тизимини жорий қилиш натижасида 2023 йилга келиб, мактабгача таълим ташкилотлари сони 6,5 баробарга ортиб, 33 942 тага етказилди.
Мисол учун, нодавлат секторнинг улуши 2017 йилда 0,5 фоиз(250 та)ни ташкил этган бўлса, ҳозирда уларниг улуши 80 фоиз(28 минг та)га етказилди.
Республика бўйича 2017 йилда болаларни мактабгача таълим билан қамрови 27 фоиз(700 минг нафар)ни ташкил этган бўлса, 2023 йилга келиб ушбу кўрсаткич 2,6 баробарга орттирилиб, 74 фоиз (2,2 млн. нафар)га етказилди.
Республикадаги барча болалар учун бир хил бошланғич имкониятларни яратиш йўлида ҳар бир боланинг мактабга киришидан бир йил олдин умумий ўрта таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқи “Мактабгача таълим ва тарбия” тўғрисидаги қонун билан кафолатланди. Эндиликда болалар мактабга чиқишдан олдин бир йиллик мажбурий бепул мактабга тайёрловдан ўтказилмоқда. Жорий йил якунига келиб қамраб олинган 6 ёшли болалар улуши 93 фоизга (692 минг нафарга) етди.
Мактабгача таълим хизматларини янада кенгайтириш мақсадида мактабгача таълимнинг муқобил шакллари яратилди.
Хусусан, барча болаларга тенг имкониятлар яратиш мақсадида
25 мингта оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилиб, 662 минг нафар болалар қамрови таъминланди.
Мактабгача таълим ташкилотларини қуриш имкони мавжуд бўлмаган олис ва чекка ҳудудларда “Ақлвой” лойиҳаси доирасида 156 та маҳаллаларда қайта жиҳозланган 72 та ИСУЗУ автобусларда негизида 429 та мобиль гуруҳлар ташкил этилиб, уларга 9,5 минг нафар болалар қамраб олинди.
ЮНИСЕФ халқаро болалар ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган 20 та “Турли хил ёшдаги мактабгача таълим гуруҳлари” (ўйин гуруҳлари)га 496 нафар болалар қамраб олинди.
Жаҳон банкининг “Болани эрта ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Илк ривожланиш марказлари”га жами 1 600 нафар болалар жалб этилди.
Инклюзив таълим тамойиллари ва имконияти чекланган болаларга ёрдам кўрсатишнинг янги шакллари жорий этилди. Жумладан, Нукус, Қарши, Зарафшон шаҳарлари ва Қибрай туманида реабилитация марказига эга бўлган кўп тармоқли ихтисослаштирилган ва қўшма турдаги мактабгача таълим ташкилоти каби янги шакллар жорий этилди.
Барча кўп тармоқли ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим ташкилотлари реабилитиция асбоб ускуналари билан таъминланди.
Мактабгача таълим ташкилотларида фаолият кўрсатаётган педагог кадрлар сони 58 минг нафардан 160 минг нафарга оширилди. Олий маълумотли педагог кадрларнинг улуши 21,6 фоиздан 34,1 фоизга етказилди.
Барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда 14 000 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ўқув-методик, кўргазмали ва дидактик материаллар билан таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси Илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талаблари, “Илк қадам” давлат ўқув дастури, 6 ёшли болаларни мактаб таълимига тайёрлаш учун “Илм йўли” вариатив дастури, алоҳида таълим эхтиёжларига муҳтож бўлган болалар учун мослаштирилган ўқув дастури, 6 номдаги педагогларнинг касбий компетенцияларини оширишга қаратилган методик қўлланмалар ва ривожантирувчи ўқув-дидактик материаллар компетенциявий ёндошув асосида такомиллаштирилиб яратилган.
Мактабгача таълим тизимида фаолият юритиб келаётган педагог ходимлар учун узлуксиз методик хизматни ташкил этиш мақсадида “Learning passport” (Болалик академияси – bolakadem.uz) таълим электрон платформаси жорий этилди.
Шу билан бирга, 6 ёшгача бўлган болалар саломатлиги ва ривожланишининг барча жиҳатлари бўйича мутахассислар маслаҳати билан таъминлаб берувчи ота-оналар учун «Bebbo» мобил иловаси ишга туширилди.
Республикадаги 3 519 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида
10 155,0 млрд.сўм эвазига 535 160 ўринли қурилиш-таъмирлаш (янги 513 та 73 905 ўрин, реконструкция 2 215 та қўшимча 104 030 ўрин яратилган ва мавжуд 231 278 ўрин таъмирланган, мукаммал таъмир 791 та 125 946 ўрин) ишлари амалга оширилган.
2017 йилда Мактабгача таълим соҳасига давлат бюджетидан 2,1 трлн. сўм ёки бюджет харажатларининг 4,4 % миқдорда маблағ ажратилган бўлса, 2023 йилга келиб бюджет харажатларининг 5,8 % миқдорда 11,8 трлн. сўм ёки 5,6 баравар кўпроқ маблағ ажратилди.
2021 йилдан бошлаб, 27 мингдан зиёд давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотларида мутлақ янги бўлган Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш ахборот тизими жорий этилиди. Ушбу ахборот тизими орқали янги оилавий МТТларни ташкил этиш, уларнинг қувватини ошириш ва битим муддатларини узайтириш масалаларида электрон ариза қабул қилиниши, нодавлат МТТларга субсидия ва компенсациялар автоматлаштирилган тарзда тўлаб берилиши йўлга қўйилди.
Давлат мактабгача таълим ташкилотларининг 1,2 мингтасида 83 нафар тадбиркорлар томонидан аутсорсинг хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилди.
Республикадаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотларида овқатлантириш ишлари “Ақлвой-ошпаз, боғчалар учун таомлар рецепти” тўпламидан фойдаланган ҳолда тузилган Ягона мавсумий таомнома асосида ташкил этилди.
АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ўзбекистондаги “Mercy corps” филиали ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятидаги 60 та ДМТТнинг санитария гигиена хоналари (хожатхоналар), сув таъминоти тизими ҳамда ошхоналар таъмирланди ва замонавий керакли жиҳозлар билан таъминланди. Ҳозирги кунда 100 та мақсадли ДМТТ ларда юқоридаги ишлар давом этмоқда.
“Таълим учун озиқ-овқат ва болалар овқатланиши” дастури доирасида ушбу давлат мактабгача таълим ташкилотларига Ўзбекистонга беғараз ёрдам сифатида 4 турдаги бойитилган озиқ-овқат (20 тонна ўсимлик ёғи, 40 тонна гуруч, 80 тонна ун ва 10 тонна сариқ ярим нўхат) маҳсулотлари олиб келинди ва бугунги кунда мақсадли 166 та давлат мактабгача таълим ташкилотларига “Ягона мавсумий таомнома”га асосан тарқатиб келинмоқда ва истеъмоли мониторинг қилинмоқда.
АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ўзбекистондаги “Mercy corps” филиали билан ҳамкорлигида Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти қошида ҳамшираларни касбий малакасини ошириш, шошилинч ҳолатларда болаларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмаларни шакллантириш учун махсус ўқув ускуналар, ўқув тренажёр билан жиҳозланган Ўқув-симуляцион марказ фаолияти йўлга қўйилди.
Мактабгача таълим ташкилоти ҳамширалари учун ўқув-дастурлар тасдиқланиб, ушбу Марказда Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотларининг 160 нафар ҳамшираларининг малакаси оширилди.
Тошкент, Нукус ва Термиз шаҳарларида “Мактабгача таълим тизимида болаларнинг илк ёшидан саводхонлик, рационал овқатланиш, гигиена ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантиришда компетенциявий ёндашувни жорий этиш” мавзусида ўтказилган амалий конференциялар, семинарлар, ўқув-тренингларда мактабгача таълим ташкилотларининг 1 000 нафардан ортиқ раҳбарлари, методистлари, педагоглари, ошпазлари ва хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосарлари малакаси оширилди ва 60 нафар тренерлар тайёрланди. Улар томонидан жойларда менторлар сифатида амалий-ташкилий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятларидаги мақсадли 60 та ДМТТ да “Кичик кутубхоналар” (уголки чтения) ташкил этилди, уларнинг ҳар бири 150 донадан китоб, дидактик материаллар ва жиҳозлар билан таъминланди.
“Ақлвой ошпаз” болалар боғчалари учун рецептлар тўплами қорақалпоқ тилига ўгирилди ва 150 дона китоб нашр қилинди. “Саломатлик алифбоси” китоб тўплами ўзбек, қорақалпоқ, инглиз тилларига таржима қилинди.
Электрон тарзда яратилган “онлайн” платформа орқали 4 та ўқув курси ташкил этилиб 100 нафар мактабгача таълим ташкилотларнинг ҳамширалари малакаси оширилди.
Соҳада хорижий инвестиция лойиҳаларини мувафаққиятли амалга ошириш натижасида жами 261,1 млн. доллар хорижий инвестициялар (шундан 60,7 грант маблағлари) жалб қилиниб, 147,9 млн. доллар маблағ ўзлаштирилди.
Жаҳон банки лойиҳаси доирасида 100 ДМТТда MELQO халқаро баҳолаш воситасини қўллаш орқали илк маротаба мактабгача таълим сифатини ўлчаш миллий тадқиқот ишлари амалга оширилди.